11.2026
“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раҳбарияти, аппарат бўлим бошлиқлари ва ҳудудий кенгашлар раисларининг ISO 9001 халқаро стандарти бўйича малакасини оширишга қаратилган ўқув курси якунига етди. 9 ноябрда бошланган ўқув курсида машғулотлар Латвиянинг SIA “Certification Center” компанияси халқаро аудитори Екатерина Карпенко ва “Тошкент халқаро сертификациялаш академияси” МЧЖ директори Абдуқаҳҳор Юсупов томонидан олиб борилди.
Бугун тингловчиларнинг бир ҳафта давомида эгаллаган билим ва кўникмалари имтиҳон орқали синовдан ўтказилди.
Сўнгра “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров чет эллик эксперт Екатерина Карпенкога ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашгани учун чуқур миннатдорлик билдириб, унга ташкилотнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.
ISO 9001 – сифат менежменти тизими бўйича халқаро стандарт бўлиб, ташкилот фаолиятини самарали ташкил этиш, кўрсатилаётган хизматлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини таъминлаш ҳамда уларни доимий такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу стандарт ташкилотдан иш жараёнларини аниқ белгиланган талаблар асосида йўлга қўйиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, истеъмолчилар ва буюртмачилар талабларини қондириш, камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишни талаб қилади.
Мазкур ўқув курсини ташкил этишдан мақсад, ISO 9001 халқаро стандартини “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятига жорий этиш орқали бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, иш жараёнларини самарали ташкил этиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда фаолият самарадорлигини изчил юксалтиришдан иборат. Бунда ташкилотнинг барча йўналишларида белгиланган сифат талабларига риоя этиш, иш жараёнларини тизимлаштириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва мижозларнинг эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратилади.
← Ортга қайтиш