Memorandum of Cooperation Signed Between UzSWLU and the Tashkent International Certification Academy 10.2026

2026 йил 22 октябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўтказилган «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» доирасида ЎзДЖТУ ва Тошкент халқаро сертификациялаш академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумни ЎзДЖТУ ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Тошкент халқаро сертификациялаш академияси директори Абдуқаҳҳор Юсупов имзолади.

Мазкур келишув талабаларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, уларга қўшимча касбларни эгаллаш имкониятини яратиш ҳамда назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитишга қаратилган. Ҳамкорлик доирасида бухгалтерия ҳисоби, персонални бошқариш, ахборот технологиялари, рақамли маркетинг, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда касбий ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, халқаро стандартлар асосида сертификатлашга тайёрлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, ўқув жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, амалий машғулотлар, семинарлар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиш орқали талабаларнинг замонавий меҳнат бозори талабларига мос компетенцияларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

← Ортга қайтиш